ЖУМАМУРАТОВ Тиловберган (1915.27.12, Мўйноқ тумани — 1990.20.4, Нукус) — Ўзбекистoн (1969) ва Қорақалпоғистон (1967) халқ шоири. Урта Осиё ун-тини тугатган (1948). «Юрак муҳаббати» (1956), «Дўстлик» (1959), «Давримиз юлдузлари» (1962), «Мўъжизакор сиймо» (1965), «Тўлқинда» (1970) достон ва шеърлар тўплами, «Гузал Макарья» шеърий романи (1965) бор. «Қирғиз дўстларимга», «Ўзбек шоири Ғафур Ғуломга», «Навоий ҳақида» (1967) каби шеърларида халқлар дўстлиги, қардошлиги куйланган. «Меҳнатда тобланганлар» (1957), «Муҳаббат сири» (1958) ҳикоя ва очерклар тўплами, «Қизлар ҳазили» (1967), «Оғир кунлар» (1977) пьесалари муаллифи. Бир қатор асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Менинг замондошларим», 1962; «Аму қўшиқлари», 1965 ва б.). Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти лауреати (1972).