ЖУББА, жиба, жева — 1) Ўрта Осиё ва Шарқ армиясида жангчини ёй ўқи, қилич ва найзадан сақлаш учун симдан тўқилган махсус ҳарбий кийим. Ж., асосан, жанг пайтларида кийилган. 1,5—2 мм диаметрдаги темир симларни қалин тўр сингари тўқиб, кўйлак ва калта шим шаклида тайёрланган. Жубба илк ўрта асрларда кенг тарқалган. Жубба оғир бўлса ҳам, жангчининг гавдасини ихчам тутиб, унга халақит бермаган. Жангчи Жубба билан биргаликда елка, билак ва кўкракни ҳимоя қилиш учун «чор ойна» деб аталган пўлат тахтачалар тақиб, қалқон билан ўзини ҳимоя қилган. 15—16-а. ларда милтиқ асосий уруш қуролига айлана бошлаши б-н Жубба кийган аскар (ўрта асрлар).
Жуббага эҳтиёж қолмаган;
2) авра-астарли, ичига пахта солиб қавилган кенг ва узун махсус чопон. Кўпинча қаландарлар, шайхлар кийган. Жуббанинг мўйна ва теридан қилинган турлари ҳам бўлган;
3) болалар ва эркакларнинг пахтали ички кийими (гуппи). Ихчам ҳажмда, гавдага ёпишиб турадиган қилиб тайёрланади, шунинг учун 2 ён томонида 28—30 см йиртмочи бўлади. Жубба 3 қаватли: астар ва авра орасига пахта ёки туя жуни солиниб, сийрак чоклар билан кўндалангига қавилади. Ён томонидан ораси яқин (5—6 см) қилиб қатор тугмалар тақилади.