ЖОҲИЛИЯ (араб. — билимсизлик ҳолати, жаҳолат) — араблар тарихининг исломдан илгариги даврига берилган ном. Асосан, одамлар ҳаётида Исо (ас) билан Муҳаммад (ас) оралиғидаги пайғамбарсиз ўтган давр тушунилади. Жоҳилия тушунчаси Қуръоннинг бир неча сураларида учрайди. «Ж-ҳ-л» ўзакли «жоҳилуна», «йажҳалуна» шаклидаги сўзлар ҳам яна бир қанча сураларда келади. Уларнинг барчаси Малина сураларидан эканлиги, Жоҳилия сўзи 622 й. (ҳижра)дан олдинги замон учун ишлатилганига далилдир. Жоҳилия атамасининг пайдо бўлишига объектив сабаблар бор эди. Зеро исломдан олдинги арабларнинг кўпчилигига «жаҳл» туйғуси хос эди. Бу бошқаларга нисбатан бешафқат ва ваҳшиёна муносабатда бўлишда ўз ифодасини топарди (қасос олиш зарурати, гўдак қизларни тириклайин кўмиш, ўзга қабила вакилига душман сифатида қараш ва б.). Исломдан илгари Арабистонда қонунсизлик, ахлоқсизлик, зўравонлик ҳукм сургани учун ҳам кейинги авлод ўша даврни ҳақли равишда Жоҳилия деб атаган. Бундан ташқари Ж. даври арабларининг диний тасаввурлари ҳам кам тараққий қилган, содда ҳолда бўлгани маълум. Улар асосан «васания»да, яъни кўпхудоликда бўлганлар. Қадим замонлардан бери барча араблар учун Макка ш. даги Каъба ибодатхонаси муқаддас ҳисобланган. худолар пантеонига айланган бу масканда 300 дан ортиқ санам қўйилган эди. Хубал ҳамда «Аллоҳ қизлари» номини олган алЛот, Манот ва ал-Узза шу санамларнинг энг машҳурлари эди. Баъзилар «Аллоҳ» санамига сиғинардилар. Аммо у исломдаги Аллоҳдан фарқ қилар, мақоми жиҳатидан Яхве, Зевс, Юпитер каби бош худоларга тенг қўйилган бўлсада, мавҳум ва кўз илғамас баландликда деб тасаввур қилингани учун унинг исми билан боғлиқ ибодат мунтазам адо этилмас эди. Жоҳилия арабларининг кўпчилиги нариги дунёга ишонмасдилар: фақат бу дунё бор, яшаймизу — ўламиз. Бизнинг такдиримизни даҳр (вақт) ҳал қилади, деб фикр юритардилар (Жосия сураси, 24). Ислом ғалабасидан сўнг «дахрий» сўзининг «мўмин»га нисбатан антоним сифатида ишлатилганини шу билан изоҳлаш мумкин. Аллоҳ тўғрисида муайян тушунчага эга бўлган ҳолда унга бошқа худоларни шерик қилганлари сабабли Жоҳилия араблари «мушрик»лар деган номни олдилар.