ЖОҲИЗ

ЖОҲИЗ, ал-Жоҳиз Абу Усмон Амир ибн Бахр (тахм. 767 — Басра — 868) — араб мутафаккири, ёзувчи. Муътазилийлар назариётчиларидан бири. «Алжоҳизия» деб ном олган илоҳиёт мактабига асос солган. Юнон табиат фалсафаси ғоялари таъсирида модданинг абадийлиги ва хусусиятларининг доимий ўзгариб туриши ҳақидаги фикрларни баён қилган. Жоҳиз тирик ва ноорганик жисмлар ўзига хос табиий хусусиятларга эга, деб ҳисоблайди. У инсоннинг ирода эркинлигини табиий интилиш сифатида талқин этган. 100 дан ортиқ фалсафий асарлар ва бадиий тўпламлар муаллифи. Булар орасида «Олибсотарлар ҳақида китоб» ҳажвий новеллалар тўплами, стилистика ва риторикага оид «Жойлаштириш ва исботлаш китоби», тарихий-сиёсий мазмундаги «Араблар ва уларнинг мижозлари ҳақида китоб» рисолалари машҳур. Уларда ўрта аср араб Шарқи шаҳарлари аҳолисининг шахсий ва ижтимоий ҳаёти, урф-одати, ахлоқи тўғрисида маълумотлар берилган. Жоҳиз асарларида кичик ҳикоялар, шеърлар, эртаклар бор. Ж. араб адабиёти, хусусан, адаб жанри тараққиётига таъсир кўрсатган.