ЖОС — Африка ғарбидаги плато, Нигер ва Бенуэ дарёлари оралиғида, Нигериянинг марказий қисмида жойлашган. Кристалли жинслардан тузилган. Ўртача бал. 1200—1400 м, энг баланд жойи — 1735 м. Паст-баланд юзаларда баъзан гранитли чўққилар, ясси юзали тепаликлар ва сўнган вулqoн кратерлари кўтарилиб туради. Жос платосидан Нигер дарёси ва Чад кўлининг кўплаб ирмоқлари бошланади. Иқлими экваториал муссонли, нам иқлим; йилига 1000 мм чамасида ёғин ёғади. Иккиламчи бўлиқ ўтли саванналар б-н қопланган. Қалай, тантал ва ниобий конлари бор.