ЖОРЖОНЕ (Giorqione; асли Жоржо Барбарелли да Кастельфранко, Barbarelli da Castelfranco, 1476 ёки 1477, Кастельфранко — 1510, Венеция) — италиялик рассом, Венеция мактаби намояндаси; Юксак Уйғониш даври асосчиларидан. Табиат, инсон ва ҳаётга муҳаббатни кўтаринки руҳдаги ранг-тасвир асарларида ифодалаган Жоржоне ижодида тасвирий бутунликка, шаффоф нурсоя, бўёқ суртмалари воситасида инсон қиёфасини табиат (манзара) билан уйғунлашувига эришган. Диний мавзудаги («Чўпонларнинг сиғиниши» ва б.) асарлар билан бир қаторда муҳим аҳамиятга эга бўлган дунёвий мазмундаги (асосан афсоналар асосида) асарлар хам яратган: «Юдифь» (тахм. 1502), «Уч файласуф», «Уйқудаги Венера» ва б. Ж. нинг бадиий мероси замондошлари томонидан кенг эътироф этилган, шогирдлари (Тициан ва б.) томонидан ривожлантирилган.