ЖОНУЗОҚОВ

ЖОНУЗОҚОВ Тўрақул [1893, Жамбул ш. (Авлиёота) — 1921.18.11, Фарғона водийси] — Туркистон АССР МИК раиси ўринбосари (1920), истиқлолчилик ҳаракати ғоявий раҳбарларидан бири. Рустузем мактабида ўқиган. 1909 й. да Туркистон генерал-губернаторлигида таржимон. Ўлкада совет режими ўрнатилгач, дастлаб шўро идораларида ишлади. Боку ш. да ўтказилган Шарқ халқлари 1-қурултойида (1920 й., 1—7 сент.) қатнашиб, тарғибот ва ҳаракат кенгашига аъзо этиб сайланди. Қурултойдан сўнг совет тузумидан норози бўлиб, большевиклар партиясига қарши кураш эълон қилган 40 нафар делегат сафида бўлди. 1920 й. кузида истиқлолчилар томонига ўтди. Шермуҳаммадбек бошлиқ истиқлолчилар қароргоҳида бўлиб, унинг ҳарбий штабида мафкуравий ишларга рахбарлик қилди. Жонузоқов тайёрлаган махсус варақа ва мурожаатномалар Фарғона аҳолиси ҳамда истиқлолчилар ўртасида тарқатилди. 1921 й. июнида Андижон уездига борди. Исроил қўрбоши гуруҳида бўлиб, ташкилий ва ғоявий ёрдам кўрсатди. Канаев тахаллуси остида қизил армия жангчилари орасида истиқлолчилик ҳаракатининг асл моҳиятини тушунтириш борасида иш олиб борди, натижада кўпгина рус зобитлари ва аскарлари босқинчи қизил армияни ташлаб кетди, айримлари истиқлолчилар томонига ўтди. Ж. Самарқандда Туркистон Миллий бирлиги 6-конгрессини (1921 й. 5—7 сент.) тайёрлаш ва ўтказишда фаол иштирок этди. Валидий ва Мунавварқори Абдурашидхонов билан бирга Туркистон Миллий бирлигининг байроғини тайёрлади. Жонузоқов қизил аскарлар билан бўлган тўқнашувларнинг бирида ўлдирилди.

Ад.: Валидий , Бўлинганни бўри ер (хотиралар), Т., 1997; Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Туркестoн в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000.

Қаҳрамон Ражабов.