ЖОНСОН (Johnson) Филип (1906.8.7, Кливленд) — америка меъмори. Гарвард ун-тининг меъморлик мактабида М. Л. Брейер раҳбарлигида ўқиган (1940—50). Л. Мис ван дер Роэ шогирди ва у билан ҳамкорликда ишлаган (Коннектикутдаги Нью-Канаан ётиқ шиша параллелепипед кўринишдаги хусусий уй, 1949 ва б.). Ўз қурилишларида замонавий меъморлик материаллари ва қоидаларини қўллашда анъанавий меъморлик шаклларидан эркин фойдаланиб, уларни услублаштирган (Нью-Йоркдаги замонавий санъат музейи, 1951, 1965; Исроилдаги ядро реактори гумбази, 1960; Нью-Йоркдаги Линкольн марказий давлат театри, 1964 ва б.).