ЖОНБОС IV — Ўзбекистонда биринчи топилган неолит даврига (мил. ав. 4 — 3 – минг йиллик) оид Калтаминор маданиятининг энг нодир ва муҳим ёдгорлиги. Хоразм археология-этнография экспедицияси текширган (1938—40, 1945). Жонбос IV1У да майд. 300 м2 бўлган чайла қолдиғи топилган. Чайла каттагина уруғ жамоасининг яшаш жойи бўлиб, унда қарийб 100—120 киши яшаган. Куйган қамиш ва хода қолдиқларига қараганда чайла устунли, овал шаклида бўлиб, қамиш б-н ёпилган. Унда битта катта ва йигирмадан ортиқ кичик ўчоқ ўрни қайд этилган. Ўчоқлар гирди ва чайладан балиқ (чўртан, зоғора, лаққа), ҳайвон (тўнғиз, жайран, Бухоро буғуси), қуш суяклари ва тухум пўчоқлари ҳамда бир қанча майда тош қуроллар топилган. Тош қуроллар орасида тош болта ва поналар, кескич, ўроқ ҳамда ўқ-ёй пайконлари учрайди. Топилган сопол идишларнинг туби юмалоқ бўлиб, сиртига чизма нақш берилган.