ЖОМЕ МАСЖИД

ЖОМЕ МАСЖИД — шаҳар марказидаги ёки нисбатан катта ҳудуддаги асосий ва энг катта бош масжид. Жамоа учун зарур турли хабарлар эълон қилинадиган, ҳафталик жума, хайит намозлари жамоа бўлиб ўқиладиган махсус бино. Шаҳар ташқарисида мусалло, намозгох. Жума масжид, гузар (маҳалла) масжидларига нисбатан унинг тузилиши салобатли. Ўрта Осиёда Жоме масжиднинг умумий тархи мурабба ёки тўғри тўртбурчакли хонақох бўлиб, бир (олд ёки ён) томони, икки (жан. ва шарқий ёки шим. ва шарқий) ёки уч томони айвон билан ўралган. Хонақоҳ томи гумбазли ёки тўсинли. Айвон ва хонақох катталиги тўсинлар сони ва қатори билан белгиланган, баъзан хонақоҳ 1, 2, 4 гумбазли, айвонлар атрофи қатор устунли, бурчакда азон айтишга мулжалланган мезана ва ҳовли ўртасида ҳовуз бўлган. Бухорода биринчи Жоме масжид 713 й. Қутайба ибн Муслим томонидан ишга туширилган. Ушбу масжид учун маҳаллий мажусийлар ибодатхонаси мослаштирилган. 14—15-а. ларда Жоме масжид қурилишига даврнинг машҳур меъмор ва мухандислари сафарбар қилинган (қ. Ал-масжид ал-Ақсо, Ал-масжид ал-Ҳаром, Масжиди калон, Бибихоним жоме масжиди, Деҳли жоме масжиди).