ЖОМБОЙ ТУМАНИ

ЖОМБОЙ ТУМАНИ — Самарқанд вилоятидат туман. 1935 й. 9 фев. да ташкил этилган (1962 й. 24 дек. да Булунғур тумани билан бирлаштирилган, 1970 й. 7 дек. да қайта тузилган). Шим. да вилоятнинг Пайариқ тумани, Жиззах вилояти, ғарбда Оқдарё, Самарқанд туманлари, шарқда Булунғур тумани, жан. да Тойлоқ тумани билан чегарадош. Майд. 0,55 минг км2. Аҳолиси 114,3 минг киши (2000). Жомбой туманида 8 қишлоқ фуқаролари йиғини (Деҳқонобод, Жомбой, Жўрият, Холвойи, Шерқўрғон, Қангли, Қорамўйин, Қўнғирот), 1 шаҳар (Жомбой) бор. Маркази — Жомбой ш.

Табиати. Жомбой тумани вилоятнинг жан.шарқий қисмида жойлашган, ер юзаси паст-текислик ва қирлардан иборат. Шим. да Ғубдин тоғи ва тоғ олди текислиги жойлашган. Иқлими кескин континентал. Июлнинг ўртача т-раси 27°, янв. ники —2,6°. Йилига 317 мм ёғин тушади. Вегетация даври 240 кун. Типик бўз тупроқ, аллювиал ўтлоқи, ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар тарқалган. Туман жан. да Зарафшон дарёси оқиб ўтади. Сарисув, Полвон, Ўрта, Булунғур, Мирза ва б. каналлари бор. Тоғ олди қисмида чўл ўсимликлари, текисликда эса бешбармоқ, қирқбўғим, қўға, қамиш ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, қуён, юмронқозиқ, қушлардан кўкқарға, булбул, какку, лайлак ва б. учрайди. Жомбой тумани ҳудудида Зарафшон қўриқхонаси жойлашган. Ўрта асрларда туман ҳудудида Бедана қўриғи деб аталган мавзе бўлган.

Аҳолиси, асосан ўзбеклар; шунингдек, тожик, татар, рус ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га 208 киши тўғри келади. Қишлоқ аҳолиси 100,6 минг, шаҳарликлар 13,7 минг.

Хўжалиги. Жомбой туманида 11 саноат корхонаси, жумладан пахта тозалаш з-ди, 3 та қўшма корхона, (энг муҳими «Самжинтекс» Ўзбекистон-Туркия қўшма тўқимачилик ф-каси), қарийб 150 та кичик корхона бор. Қ. х. да пахтачилик, галлачилик, сабзавотчилик, чорвачилик б-н шуғулланилади. Жами ер фонди 55,9 минг га, шу жумладан суғориладиган ерлар 28,1 минг га. Қ. х. га яроқли ерлар 46,9 минг га, ўрмон фонди ерлари 2,4 минг га. Пахта 6,2 минг га, ғалла 12,3 минг га, сабзавот 350 га ерга экилади. Туманда 13 жамоа, 5 ширкат, 1 ўрмон, 1 чорва хўжалиги мавжуд. Туман жамоа хўжаликлари ва шахсий хўжаликларда қарийб 42 минг қорамол, 20 мингга яқин қўй-эчки бор. Ўрмон майд. 277 га. Ўрмон хўжалигида асосан, терак ўстирилади. Туман ҳудудидан Тошкент—Самарқанд т. й. ўтган (17 км). Халқаро автомобиль йўли 20 км. Жами 56 умумий таълим мактабида 31 мингдан зиёд ўқувчи, ҳунар лицейида 600 га яқин ўқувчи таълим олмоқда. Марказий кутубхона, марказий болалар кутубхонаси, 43 қишлоқ кутубхонаси, марказий маданият уйи, 18 қишлоқ маданият уйи, клуб, маиший хизмат кўрсатиш пунктлари бор. 446 ўринли 3 касалхонада 198 врач бўлиб, ҳар 10 минг кишига 17,3 врач тўғри келади. 1935 й. дан «Жомбой тонги» газ. нашр этилади (адади 1310).