ЖОЙТУН МАДАНИЯТИ — Ўрта Осиёнинг неолит даврига оид энг қад. ўтроқ деҳқончилик маданияти марказларидан бири (мил. ав. 6—5-минг йиллик). Ашхободдан 30 км шим. да жойлашган қад. ўтроқ деҳқонлар қишлоғи харобаси номидан олинган. 1952 й. дан Жанубий Туркманистон археология комплекс экспедицияси қазиш ишлари олиб борган. 10 дан ортиқ ёдгорликлар (Чағиллитепа, Пессежиктепа, Чопонтепа, Найзатепа, Жойтун ва б.)ни текширган. Бу уруғдошлик манзилгохларининг ҳар бири 0,5—2 га майдонни эгаллаган. Сомонли гуваладан қурилган бир хонали уйлар (25—45 м2) саҳни оқ ганчли лой б-н сувалган, айримлари қизил ва қора рангга бўялган. Ҳар бир хонада ўчоқ, ғалла ўраси, супа бўлган. Айрим хоналар ўртасида катта оташкада бўлиб, умумий саждагоҳ вазифасини ўтаган. Манзилгохларда омбор, сопол идишлар пишириладиган майдончалар бўлган. 3 маданий қатламдан иборат Жойтун манзилгох. и (Ж. м. шу номдан олинган) тўла ўрганилган. Унинг майд. 0,5 га, юқори қатлами 35 — 40 хонадан, ўрта қатлами 29 хонадан иборат. Манзилгоҳлардан болалар суяги топилган, катталар ташқарига кўмилган. Аҳоли, асосан, деҳқончилик, чорвачилик, овчилик билан шуғулланган. Аҳоли чақмоқтошдан қирғич, ўроқ, ранда, пичоқ; суякдан игна, бигиз; тош ўтир ва б. буюмлар ясаган. Сопол идишлар сомонли лойдан ишланиб, баъзиларининг сирти қизил ангоб билан бўялган. Тош ва лой (сопол)дан ишланган аёл ва ҳайвон ҳайкалчалари, тош, суяк ва чиғаноқлардан ясалган тумор, мунчоқ ва б. турли тақинчоқлар кенг тарқалган. Жойтун маданияти Каспий бўйидаги мезолит даври маданияти асосида вужудга келган. У — ибтидоий деҳқончилик маданиятининг жахoндаги ноёб обидаларидан бири.
Ад.: Массон В. М., Поселение Джейтун, Л., 1971; Массой В. М, Средняя Азия и Ближний Восток, М. — Л., 1964.