ЖИҒИЛДОН ҚАЙНАШИ, меъда қайнаши, зарда қайнаши — тўш остида ва қизилўнгач бўйлаб ачишиш сезгиси пайдо бўлиши, меъда суюқлиғи аралашган овқат қизилўнгачга чиқиб, унинг шиллиқ пардасига таъсир этиши Жиғилдон қайнашига сабаб бўлади. Одатда, меъда ширасида кислота кўпайганда рўй беради. Қизилўнгач ва меъда шиллиқ пардасининг сезувчанлиги ошганда, меъда ширасидаги кислота миқдори ўзгарганда, дағал овқат ейилганда, меъдадан шира чиқишини кучайтирадиган моддалар истеъмол қилинганда ҳам жиғилдон қайнайди. Гастрит, меъдаичак яраси, холецистит, асабий ҳолатлар ва б. касалликларда кузатилади.
Жиғилдон қайнашида, албатта, врач буюрганча даволаниш керак, чунки турли дориларни қадеб палапартиш ичавериш меъда ва қизилўнгач шиллиқ пардасига ёмон таъсир этиши мумкин. Жиғилдон қайнаганда сабзи ейиш ёки унинг сувини ичиш ва гази чиқарилган Тошкент минерал сувини ичиш яхши наф беради. Асосийси Жиғилдон қайнашига сабаб бўлган касалликни даволаш лозим.