ЖИҒИЛДОН

ЖИҒИЛДОН — бир қанча умуртқасиз ҳайвонлар (кўпчилик моллюскалар, чувалчанглар, ҳашаротлар) ва қушларда қизилўнгачнинг кенгайган қисми. Жиғилдон озиқни тўплаш ва сақлаш, баъзан уни қисман қимёвий қайта ишлаш учун хизмат қилади. Ҳашаротлар Жиғилдон ида нектар асалга айланади. Қушларда Жиғилдон ўмров суяги олдида жойлашган, унда йирик безлар бўлади. Жиғилдон мускулларининг перисталтик қисқариши туфайли ундаги озиқ меъдага тушади ёки боласини озиқлантириш учун оғзига қайтарилади, ҳазм бўлмаган озиқ қолдиғи чиқариб ташланади. Каптарларда тухум босишнинг 8-кунидан бошлаб Жиғилдон эпителийси ва Жиғилдон безлари ўзгариб, оқиш суюқлик (Ж. сути) ишлаб чиқара бошлайди. Бу суюқлик билан каптарлар ўз жўжаларини боқади. Чўл қушлари (оқбовур, қорабовур) Ж. ида жўжалари учун сув олиб келади. Жиғилдон озиқни қийинчилик б-н, лекин бирданига кўп топадиган йиртқич ёки нисбатан секин ҳазм бўладиган қаттиқ озиқ билан озиқланадиган донхўр қушларда хам ривожланган.