ЖИШ ЖЎЖА ОЧУВЧИ ҚУШЛАР — тухумдан кучсиз, оёқ мускуллари яхши ривожланмаган, кўзи юмуқ, тана ҳарорати барқарор бўлмаган жўжа очувчи қушлар. Ж. ж. о. қ. да насли тўғрисида ғамхўрлик яхши ривожланган. Нари ва модаси анча мукаммал ин қуради, жўжаларини боqaди, ўз танаси билан иситади, қуёш тафтидан ҳимоя қилади. Жўжаларини уясида 10—14 кундан (майда чумчуқсимонлар) 3 ойгача (йирик йиртқич қушлар) боқади. Жиш жўжа очувчи қушлар кўпинча дарахтлар ва буталарда, биноларнинг бўғотларида ин қуради (чумчуқсимонлар, қизилиштонсимонлар, каптарсимонлар, каккусимонлар, тўтиқушлар). Жиш жўжа очувчи қушлар жўжасининг танаси сийрак пат билан қопланган, тумшуғи сарғиш. Аммо лайлаксимонлар, найбурунлилар, лочинлар ва бойқушлар жўжасининг танаси қалин пат билан қопланган, кўзи очиқ (бойқушлар жўжасиники ёпиқ) бўлади. Жиш жўжа очувчи қушлар кам тухум қўяди.