ЖИНСИЙ ХРОМОСОМАЛАР

ЖИНСИЙ ХРОМОСОМАЛАР — айрим жинсли организмларда ҳар хил жинсларга кирувчи индивидларнинг кариотипларидаги фарқларни белгиловчи хромосомалар. X (икс) билан белгиланган иккита бир хил жинсий хромосомаларга эга бўлган организмлар гомогаметали жинс деб аталади. Одам, сут эмизувчилар, бир қанча ҳашаротлар, мае, дрозофилада урғочиси гомогаметали, яъни XX хромосомали, эркаклари гетерогаметали ҳисобланади. Гетерогаметали жинс хромосомалари ХУ (ХУ типи) ёки ягона X хромосомалига (ХО типи) эга бўлади. Мейозда гомогаметали жинс фақат бир хил, яъни X хромосомали гаметаларни, гетерогаметали жинс тенг миқдорда X ва У хромосомали гаметаларни ҳосил қилади (ХУ типида). ХО типида ҳужайраларнинг тенг ярми хромосомали, қолган ярми жинсий хромосомага эга бўлмайди. Тухум ҳужайра X хромосомали уруғ хужайра билан уруғланганида зигота XX хромосомали бўлиб, ундан урғочи организм, У хромосомали уруғ б-н уруғланганида эса зигота ХУ хромосомали бўлиб, ундан эркак организм ривожланади. Қандала ва чигирткаларнинг урғочиси гомогаметали (XX), эркаклари, аксарият ҳолларда, гетерогаметали (ХО) бўлади. Қушлар, капалаклар, айрим судралиб юрувчилар, сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг урғочилари гетерогаметали (ХУ), эркаклари гомогаметали (ХХ) дир. Бундай ҳолларда тухум ҳужайралар X ёки У хромосомага, уруғ ҳужайралари эса фақат бир хилдаги X хромосомага эга бўлади (яна қ. Жинс).