ЖИГАРИСТОН СУРИЛМАСИ — Тошкент вилоятининг Ангрен тумани Жигаристон қишлоғидаги сурилма. 1991 й. 4 майда соат 6 дан 45 мин. ўтганда содир бўлган. Жинсларнинг сурилиши 1969 й. да ҳосил бўлган дарзлик бўйича 170 минг м3 ҳажмда, 35—40° қияликда, 140 м баландликда рўй берган. Дарзликнинг ривожланиши бир неча йил давом этган. Натижада у цирк шаклини олган, ён чегаралари аниқ кўринишда бўлиб сурилманинг юқори қисми 0,5 м га чўккан. 1-май куни юз берган ер силкиниши, каръердаги портлатиш ва ёмғир сувларининг сурилма қатлами остида тўпланиши жараённи тезлаштирган. Сурилиш ниҳоятда тез суръатда кечган, натижада аҳоли орасида қурбонлар бўлган. Сурилган тупроқнинг қалинлиги баъзи жойларда 20 м га етган. Жигаристон қишлоғининг сурилма остида қолган қисми шаҳидлар қабристони деб номланди. Жигаристонлик бир қанча оила бошпанасиз қолди. Табиий офатдан жабр кўрган ахoли учун қисқа муддат ичида давлат томонидан хавфсиз жойда янги Жигаристон шаҳарчаси қурилди.