ЖИГАР ҚУРТИ

ЖИГАР ҚУРТИ (Fasciola hepatica) – сўрғичлилар синфига мансуб паразит чувалчанг тури. Танасининг ранги оқиш ёки жигарранг, шакли япроқсимон. Уз. 20—30 мм, эни 8—13 мм; олдинги учки қисми конуссимон торайган. Сўрғичлари иккита. Олдинги оғиз сўрғичи ўртасида оғиз тешиги бўлади. Оғиз сўрғичидан орқароқда иккинчи қўшимча қорин сўрғичи жойлашган. 1 – ва 2-сўрғичлар ўртасида жинсий тешиги, танасининг орқа учида айириш органи тешиги бор. Ж. қ., асосан, туёқли сут эмизувчилар (қорамол, қўй, эчки, туя, от, чўчқа ва б.) ҳамда одам жигари ўт суюқлиги йўлларида паразитлик қилади; ўт ва ўт йўлидаги емирилган ҳужайраларнинг парчаланиш маҳсулотлари билан озиқланади, Жигар қурти билан зарарланиш фасциолёз дейилади. Жигар қурти 2 хўжайинда ривожланади. Тухумлари ахлат билан сувга тушганида улардан киприкли мирацидий личинкаси чиқади. Личинка сувда сузиб юриб, ўзининг оралиқ хўжайини — кичик сув шиллиғи (Galba truncatula)HH топиб, унинг ичига кириб олади. Мирацидийдан спо-роцисталар; редиялар ва церкариялар ривожланади. Церкариялар шиллиқ қурт танасидан ташқарига чиқади ва навбатдаги личинкалик даври — адолескарияга айланади. Жигар қуртининг асосий хўжайинлари — чорва моллари сув ичганда ёки сув ичида ўсган ўтларни еганда цистага ўралган адолескарияни ҳам ютиб юборади. Чорва моллари ичагида циста ёрилиб, ёш жигар қурти чиқади. Қурт ичак деворини тешиб қонга ўтади; қон орқали жигарнинг ўт суюқлиги йўлига ўтиб, бу ерда вояга етади. Одамлар ҳам кўлмак сув ҳавзаларидан сув ичганида Жигар қурти билан зарарланиши мумкин.