ЖИБУТИ

ЖИБУТИ — Жибути давлатининг пойтахти. Аҳолиси 395 минг киши (1999). Иқлими тропик қуруқ иқлим, ўртача ойлик т-ра 25° дан 35°гача (максимум 40°), йиллик ёғин 130 мм. Жибутига 1888 й. французлар асос солган. 1896—1946 й. лар Франция Сомалисининг, 1946 й. дан Франциянинг «денгиз орти ҳудуди» нинг маъмурий маркази. 1977 й. 27 июндан Жибути Республикаси пойтахти. Боб ул-Мандаб бўғозидан жан. даги Тажура қўлтиғи соҳилидаги порт. Сувайш канали орқали ўтадиган денгиз йўлидаги транзит пункт. Эфиопиянинг ташқи савдосига ҳам хизмат қилади. Халқаро аҳамиятга эга аэропорт бор. Ж. орқали четга кофе, мой олинадиган уруғлар, тери, туз ва б. чиқарилади.

Четдан нефть ва нефть маҳсулотлари келтирилади. Суюқ газ тайёрлаш з-ди, озиқ-овқат, кемасозлик саноати корхоналари бор. 1981 й. дан Жибути эркин порт.