ЖЕНКИНСОН Антоний (7-1611) – инглиз сайёҳи; савдо агенти ва дипломат. Европа, Осиё ва Африкага саёҳат қилган, 1557—72 й. ларда Россияга 4 марта келган. Женкинсон Англия билан Россия ўртасида иттифоқ шартномаси тузилгудек бўлса, инглизларни савдо-сотиқда монопол ҳуқуққа эга бўлишига, Иван 1 Унинг розилигини олишга эришган (1567—69). Англия шартномани имзолашдан воз кечган, Иван IV бу имтиёзларни бекор қилган (1570). Женкинсон 1558—59, 1562—64 й. ларда Иван Грознийнинг рухсати билан Россия орқали Эрон ва Ўрта Осиёга элчилик саёҳати қилган. Унинг мақсади Ўрта Осиё орқали Хитой ва Шарқий Ҳиндистонга олиб борадиган савдо йўлини очиш бўлган, бироқ у мақсадига эриша олмаган. Женкинсон элчилиги 21 ой (1558 й. апр.-дан 1559 й. 2 сент. гача) давом этган. Унда Ричард ва Роберт Жонсонлар ва Азиз исмли таржимон (татар) ҳамроҳлик қилган. Женкинсон бу элчилик саёҳати ҳақида «Россиядаги Москов шаҳридан Бақтриядаги Бухоро шаҳрига саёҳат» номли эсдаликларини ёзиб қолдирган. У Хитойга олиб борадиган йўллар тўғрисида маълумотлар тўплаган. У Саройчиқ, Хоразмдаги Вазир ва Урганч ш. лари ҳақида қимматли маълумотларни келтирган. Ж. Амударё, Манғит улуси, Хоразм ва Бухоро хонлигининг 16а. ўртасидаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, шунингдек, Ўрта Осиё халқларининг турмуши, одатлари ва б. ҳақида муҳим тарихий маълумотлар ёзиб қолдирган.
Ад.: Путешествие Дженкинсона в Хиву и Бухару. Путешествие в Среднюю Азию 1558 — 1559 гг. [В кн.: Английские путешественники в Московском государстве в XVI в., перевод с английского Ю. В. Готье], Л., 1937; Ахмедов Б. А., Историко географическая литература Средней Азии XVI—XVIII вв., Письменные памятники, Т., 1985.
Наим Норқулов.