ЖЕБЕ НЎЁН

ЖЕБЕ НЎЁН, Жаба, Жеба, Жэбэ, Чжебе (12-а. охири — 13-а. 1-ярми) — Чингизхоннинг атоқли саркарда — нуенларидан бири. Нирун қабиласининг йисут уруғидан. Чингизхонга қўшилгунча тайжиут қабиласи бошлиқларидан саналган Қадан тайжининг ўғли Туданинг хос йигити бўлган. Жебе нўённинг лашкарбошилик салоҳиятини юқори баҳолаган Чингизхон уни ўта масъулиятли ҳарбий амалиётларга тайинлаган, жумладан, 1216 й. нинг кўкламида найманлар хони Кучлуқга қарши ўғли Жўжи ва Жебе нўён бошчилигида 20 минг кишилик қўшин жўнатган. Бу қўшин зафар билан қайтаётганда Ирғиз дарёси бўйидаги жангда Муҳаммад Хоразмшоҳнинг 60 минг кишилик қўшинига рўбарў келган. Чингизхоннинг Шим. Хитойга юриши (1211) пайтида Жебе нўён Журжа вилоятининг йирик шаҳри Тункинни эгаллаш учун жўнатилган. Жебе нўён ўзига хос ҳарбий тактик усул қўллаб шаҳарни эгаллайди. Шу йили Чамчил дарасига кириш йўлини қўриқлаш топширилган Жебе нўён хитойликларнинг Удун қўмондонлигидаги аскарий қисмларига қўққисдан ҳужум қилиб, уларни тор-мор келтиради. 1220 й. Мовароуннаҳрни истило қилиш чоғида Чингизхон 20 минг кишилик қўшин билан Жебе нўён ва Субутой баҳодирни юртни тарк этган Муҳаммад Хоразмшоҳни таъқиб этиш ва унинг тасарруфидаги Аррон, Озарбайжон, Эрон ва Ширвон ерларини забт этишга жўнатган. Улар даставвал Ироқи ажамнинг Ҳар, Симнон, Рай, Қум, Ҳамадон, Қазвин, Озарбайжоннинг Табриз, Мароға, Нахичеван, Сароб, Ганжа, Байлакoн каби ш. ларини эгаллашган. Гуржилар (грузинлар)нинг 30 минг кишилик қўшинини ҳарбий ҳийла билан яксон этган Жебе нўён ва Субутой баҳодир қўшини Ширвоншохлар сулоласининг бош шаҳри Шамохий (Шемаха)ни ғорат қилади ва Дарбанддан ўтиб, Шим. Кавказга аланлар юртига босиб киради, уларнинг қаршилигини синдириб, қўққисдан қипчоқларга ҳужум қилади. Омон қолган қипчоқлар Рус ерларига қочишга мажбур бўлишган. Қиш мавсумини қипчоқларнинг серсув яйловларида ўтказган Жебе нўён ва Субутой баҳодир Қримнинг жан. даги Суғдақни забт этади. Калка жангида рус князлари ва қипчоқларнинг бирлашган қўшинини енгган мўғуллар русларнинг кўпдан кўп шаҳарларини ғорат қилганлар, сўнгра Волга-Кама Булғориясиш қаттиқ қаршиликка дуч келгач, орқага қайтиб, Қорақурумга қайтаётган Чингизхонга келиб қўшилганлар.

Ад.: Рашидад-Дин , Сборник летописей, т.1, Книга вторая, М. — Л., 1952; Шихабад-Дин Муҳаммадан-Насав и , Жизнеописание султана Джалалад-Дина Манкбурны, Баку, 1973; Бартольд В. В., Туркестан в эпоху монгольского нашествия, Соч., т. 1, М., 1963.

Ҳамидулла Дадабоев.