ЖАҲОН САВДО ТАШКИЛОТИ

ЖАҲОН САВДО ТАШКИЛОТИ (ЖСТ) — жаҳон мамлакатларининг ўзаро савдо ҳамда савдо сиёсати режимини бошқарувчи халқаро ташкилот. Халқаро савдода ташкилотга аъзо ва иштирокчи мамлакатлар учун мажбурий бўлган тамойиллар ва қоидалар белгиланган хукуматлараро кўп томонлама шартномалар асосида фаолият олиб боради. 1995 й. да 1948—94 й. ларда иш олиб борган Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув (General Agreement on Tarifs and Trade — GATT) негизида ташкил қилинган. БМТтизимига киради. Идораси Швейцария (Женева)да. ЖСТ жаҳон савдоси қоидаларини ишлаб чиқиш йўли билан давлатлар савдо сиёсатига таъсир кўрсатиш, савдо муносабатларини эркинлаштирадиган ва қатьий тартиб-қоидага соладиган музокаралар учун йиғилишлар ўтказиш, давлатлараро савдода юзага келадиган низоларни ҳал қилиш ва б. вазифаларни бажаради. ЖСТнинг олий органи — барча аъзо мамлакатлар Вазирлар Конференцияси бўлиб, камида 2 йилда бир марта ўтказилади. Жорий ишларга Бош кенгаш (товарлар савдоси бўйича кенгаш, хизматлар савдоси бўйича кенгаш, интеллектуал мулк масалалари бўйича кенгаш), секретариат, доимий қўмиталар раҳбарлик қилади. ЖСТ фаолияти аъзо мамлакатларнинг ўзаро манфаатларини турли тадбирлар (асосан бож имтиёзлари, тўсиқлари ва б.)ни қўллаш б-н ҳимоя қилишга қаратилган. Аъзо мамлакатлар ЖСТ талабларини бажариш б-н бирга ташкилотнинг бошқа аъзоларига савдода мумкин қадар қулайлик бериш режимини (биринчи навбатда бож тарифларини пасайтириш) қўллайди, ўз ички бозорини чет эл корпорациялари учун очиқ қилиш мажбуриятини олади.

133 мамлакат тўла ҳуқукли аъзо, 30 мамлакат, шу жумладан Россия, Ўзбекистoн, Қозоғистон ЖСТ да кузатувчи мақомига эга ва 1992—93 й. ларда ташкилотга аъзо бўлиш учун ариза берган.

Шоҳия Тўлаганова.