ЖАҲОН МЕТЕОРОЛОГИЯ ТАШКИЛОТИ

ЖАҲОН МЕТЕОРОЛОГИЯ ТАШКИЛОТИ (ЖМТ) — халқаро ташкилот, метеорологик тадқиқотлар ва кузатишлар бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам кўрсатиш ҳамда миллий метеорологик ва гидрометеорологик хизматлар ишини мувофиқлаштириш ишларини олиб боради. 1947 й. сент. да БМТ ҳузурида ташкил этилган. ЖМТ тузилишига қадар бу ишларни 1871 й. да ташкил этилган Халқаро метеорология ташкилоти олиб борган. ЖМТга 150 дан ортиқ, давлат аъзо (2002), Ўзбекистoн Республикаси 1992 й. 23 декабрда аъзоликка қабул қилинган. ЖМТнинг олий органи Жаҳон метеорология Конгресси бўлиб, 4 йилда бир марта чиқарилади. Ижроия қўмитаси 24 миллий хизмат директорларидан ташкил топган ва ҳар йили камида бир марта йиғилиш ўтказади. ЖМТнинг 6 минтақавий уюшмаси (Африка, Осиё, Жан. Америка, Шим. ва Марказий Америка, Тинч океаннинг жан.-ғарби, Европа) йирик географик минтақалардаги хизматлар фаолиятини мувофиқлаштиради. — котибият Женева (Швейцария)да жойлашган.

Метеорологик кузатишларни олиб бориш ва стандартлаш, метеорологик ахборотларни айирбошлаш, об-ҳавони прогнозлаш, метеорологик тадқиқотлар ва амалий метеорология муаммолари б-н боғлиқ махсус техникавий масалаларни ҳал қилиш учун бир неча комиссиялар ташкил этилган. ЖМТ миллий гидрометеорология хизматлари фаолиятини яхшилаш, Ер курраси аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш муаммосини xал этишда қатнашиш, БМТнинг ташқи муҳитни кузатиш ва муҳофаза қилиш туғрисидаги Конвенцияга қатъий амал қилиш ва б. да фаол иштирок этади. Айниқса ЖМТнинг Жаҳон об-ҳаво хизмати дастурлари (Жаҳон миқёсида кузатиш тизими, телеалоқа тизими, метеорологик маълумотларни қайта ишлаш тизими) катта амалий аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология бош бошқармаси («Бошгидромет») об-ҳаво хизматининг жаҳон миқёсидаги телеалоқа тизими минтақавий телеалоқа тармоғи, метеорологик маълумотларни қайта ишлаш тизимининг минтақавий ихтисослаштирилган метеорологик маркази (Жаҳондаги шундай 20 та марказдан бири) иш олиб боради. Тошкент гидрометеорология техникуми негизида ЖМТнинг минтақавий ўқув маркази ташкил этилган. «Бошгидромет» ҳар йили ЖМТ Котибиятига ўз фаолияти ҳақида ҳисобот юборади.

Ҳамидулла Абдуллаев.