ЖАҲОН ИҚТИСОДИЁТИ ВА ДИПЛОМАТИЯ УНИВЕРСИТЕТИ

ЖАҲОН ИҚТИСОДИЁТИ ВА ДИПЛОМАТИЯ УНИВЕРСИТЕТИ — халқаро иқтисодий муносабатлар, халқаро ҳуқуқ, халқаро муносабатлар соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юрти ва йирик илмий марказ. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қарайди. Тошкент ш. да жойлашган. 1992 й. 23 сент. ташкил этилган. Таркибида халқаро иқтисодий муносабатлар, халқаро ҳуқуқ, халқаро муносабатлар ф-тлари, 25 кафедра, Тил маркази (жаҳон тиллари, француз тили, немис тили, ўзбек тили кафедралари б-н), компьютер; тестлар; «Маънавият ва маърифат» марказлари; Бошқарув ин-ти; таҳрир ва нашриёт бўлими; «Бизнес олами» ва «Зиёкор» ўқув марказлари, «Интернет» клуби ва юридик клиника фаолият юритади. Жаҳон иқтисодиёти, халқаро иқтисодий муносабатлар, халқаро ҳуқуқ соҳалари, сиёсий ва ижтимоий муаммолар, дипломатия ва б. ихтисосликлар бўйича мутахассислар тайёрлайди. Унтда 2001—2002 ўқув йилида 1300 талаба ўқиди, 200 дан ортиқ проф. ўқитувчилар, шу жумладан 20 фан д-ри, 80 фан номзоди ва доц. ишлади. Ташкил этилгандан бери 1300 га яқин мутахассис тайёрлади. Ун-т илмий кутубхонага эга (300 минг асар). Ун-тда ўқув ишларига хорижий мамлакатлардан проф. лар, мамлакатимиздаги амалиётчи мутахассислар таклиф қилинади, замонавий компьютер технологиясидан кенг фойдаланилади. Халқаро Интернет тизимига уланган. Ун-тда БМТ, ЮНЕСКО, ТАСИСнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимлари, хорижий давлат арбоблари, дипломатлари, Ўзбекистондаги чет мамлакатлар элчихоналари вакиллари билан учрашувлар ўтказилади.

Д-рлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган илмий кенгаш ишлайди. Аспирантура, докторантура бор. Ўқув қўлланмалари, дастурлар, илмий ва услубий қўлланмалар чоп этади, «Халқаро муносабатлар» журнали нашр этилади.

Адҳам Бекмуродов.