ЖАРҚЎТОН ОТАШКАДАСИ

ЖАРҚЎТОН ОТАШКАДАСИ — Сурхондарё вилояти Жарқўтон ш. харобасидаги оташпарастлар ибодатхонаси. Ўрта Осиё ва Ўрта Шарқдаги энг қад. оташкада ҳисобланади. Жарқўтон оташкадасида А. Асқаров раҳбарлигидаги археологик экспедиция тадқиқот ишлари олиб борган (1973 й. дан). Жарқўтон оташкадасининг тарҳи тўғри тўртбурчак (44×64 м) бўлиб, девор (қалинлиги 4,5 м) билан ўралган. Унда доира шаклидаги 6 саждагоҳ, 5 муқаддас қудуқ, табаррук ашёлар сақланадиган махсус хона ва б. хўжалик хоналари бўлган. Ибодатхона марказида катта супа (очиқ платформа) бўлиб, унинг марказида чор минор қолдиқлари ва катта саждагоҳ топилган. Коҳинлар яшайдиган супали хоналар, муқаддас олов ва кул сақланадиган оташгохлар, муқаддас ичимлик (саома — хаома) тайёрланадиган хоналар очилган. Жарқўтон оташкадасидан сирланган, безакли сопол идишлар, лойдан ишланган одам ҳайкалчалари, афсонавий қуш Геруда — Ҳумо тасвирланган идиш, сопол қувурлар ва б. топилган.