ЖАРҚЎТОН — қад. шаҳар харобаси (мил. ав. 2-минг йилликнинг иккинчи ярми). Шеробод тумани (Шеробод дарё ирмоғи Бўстонсой ўзанининг чап соҳили) да жойлашган. Сополли маданиятига мансуб қабилаларнинг жез даври ёдгорлиги. Жарқўтон аҳолиси суғорма деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Ўзбекистон ФА Археология ин-тининг А. Асқаров раҳбарлигидаги экспедицияси қазиш ишлари олиб борган (1973 й. дан). Жарқўтон (майд. 100 га) мудофаа девори билан ўралган марказий қўрғон, оташпарастлар ибодатхонаси (қ. Жарқўтон оташкадаси), қабристон (майд. 20 га), бир неча даҳалардан иборат бўлган. Жарқўтонда турар жой қолдиқлари, ибодатхона, кулолчилик маҳалласи, металл эритиладиган устахоналар, 1000 дан ортиқ қабрлар очиб ўрганилди. Турар жой бинолари катта бичимли хом ғиштдан (55x29x9 см) бир ёки бир неча хонали қилиб қурилган. Хоналар саҳни ва девори сомонли лой билан сувалган. Кўчалар тор, даҳа ибодатхонасига борувчи йўлга шағал ётқизилган. Эркаклар ўнг ёнбоши, аёллар чап ёнбоши билан ғужанак ҳолда кўмилган. Жарқўтондан тошдан ясалган омоч тиши, кўплаб сопол идиш (хумча, кўзача, тоғора, коса, пиёла, тоғорача, лаган) лар жез игна, бигиз, ханжар, сопол андава, чақмоқтошдан ишланган пайконлар, жез тақинчоқлар (рангли тошлар қадалган кўплаб тўғноғич, билагузук, зирак, ойна) қимматбаҳо тошлар ва суякдан ясалган мунчоқлар, жез сурмадон, қабила муҳр тамғалари, ип мато қолдиғи ва б. топилган.
Жарқўтон ашёларига ўхшаш ёдгорликлар Сурхондарё вилоятидан ташқари Жан. Тожикистон, Туркманистон ва Шим. Афғонистон, Эрон ҳудудларида учрайди.