ЖАНУБИЙ ХИТОЙ ДЕНГИЗИ — Тинч океан ғарбидаги ярим ёпиқ денгиз. Жан.-Шарқий Осиё соҳили билан Тайвань, Лусон, Палаван ва Калимантан о. лари оралиғида. Майд. 3537 минг км2; ҳажми 3622 минг км3. Чуқурлиги жан.-ғарбида 200 м, шим.-шарқда 5560 м гача, ўртача чуқ. 1140 м. Ж. Х. д. га Синцзян, Хонгха, Меконг, Менам ва б. дарёлар қуйилади. Қирғоғи анча текис. Йирик қўлтиқлари: Бакбо (Тонкий) ва Сиём. Энг йирик ороли — Хайнань. Майда оролларнинг кўпчилиги маржон ороллардир. Сув ости зилзилалари ва вулqoн отилишлари бўлиб туради. Иқлими субэкваториал иқлим. Қишда шим.-шарқий, ёзда жан. ва жан.-ғарбий шамоллар эсади. Ёз ва кузда тез-тез тайфунлар бўлиб туради. Денгиз сувининг ўртача т-раси февралда 20—28°, авг. да 28—29°. Шўрлиги 32— 34°/00. Ёғингарчилик йилига 2000—2500 мм. Сув қалқиши 5,9 м гача. Балиқ ва б. денгиз ҳайвонлари овланади. Йирик портлари: Бангкок, Хошимин, Сянган, Гуанчжоу, Шаньтоу, Хайфон, Манила. Ж. X. д. дан муҳим халқаро денгиз йўллари ўтган.