ГУЖАРОТ ЗИЛЗИЛАСИ

ГУЖАРОТ ЗИЛЗИЛАСИ — 2001 й. 26 янвда Ҳиндистоннинг Гужарот штатида маҳаллий вақт билан соат 8 дан 46 мин. ўтганда содир бўлган ер силкиниши. Зил-зила эпицентри Аҳмадобод ва Бхуж ш. лари оралиғида жойлашган. Рихтер шкаласи бўйича магнитудаси 7,7 бўлди. Зилзила кучи MSK-64—12 балли шкала бўйича 10 балл бўлиб, Ҳиндистоннинг бир қанча шаҳарлари (Аҳмадобод, Кач ва б.) катта талафот кўрди. Айниқса, эпицентрга яқин жойлашган Бхуж ш. ер билан яксон бўлди. Кетма-кет содир бўлган силкинишлар натижасида кўплаб бир қаватли ва 150 дан зиёд кўп қаватли иморат бутунлай вайрон бўлди. Қурбон бўлганлар сони 30 мингдан ортиб кетди.

Эпицентрдан тарқалган сейсмик тўлқинлар минг км дан зиёд масофагача қайд қилинди. Эпицентрда уз. 3—4 км келадиган ер ёриклари ҳосил бўлиб, у жойнинг қиёфасини ўзгартириб юборди. Зилзила 1968 й. да аниқланган сейсмоген зонада рўй берди. Зона остидаги тоғ жинсларининг ер узилмалари бўйича кескин силжиши тебранишларга сабаб бўлган. Бу зонада илгарилари ҳам ер қимирлашлар қайд этилган. Айниқса, уларнинг энг даҳшатлиси 1819 й. нинг 16 июнида содир бўлиб, кучи 2001 йилги Гужарот зилзиласига тенг бўлган.