ГРУНТЛАР МЕХАНИКАСИ

ГРУНТЛАР МЕХАНИКАСИ — механиканинг бир бўлими; сочилувчан муҳитларга доир илмий фан соҳаси. Грунтларнинг зўриққан-деформацияланган ҳолатини, мустаҳкамлиги ва устуворлиги шартларини, ташқи (асосан, механик) таъсирлар остида хоссаларини ўзгартириши ва б. ни ўрганиш билан шуғулланади. Грунтлар механикасида олинган натижалардан бинолар, саноат ва гидротехника иншоотларининг заминлари ва пойдеворларини лойиҳалашда, йўл қурилиши ва аэродромлар қурилишида, ерости кабеллари ва қувурларини ўтказишда, қурилиш ва саноат эҳтиёжлари учун портлатув ишлари олиб борилиши ва зилзилалар туфайли иншоотларга қандай зарар етиши мумкинлигини олдиндан айтишда фойдаланилади. Бунда Грунтлар механикаси муҳандислик геологияси, муҳандислик гидрогеологияси, яхлит муҳитлар механикаси, сочилувчан муҳитлар механикаси, эластиклик, пластиклик ва ёйилувчанлик назариялари, сочилувчан муҳит статистикаси маълумотларидан фойдаланади.