ГРУЗИН ЁЗУВИ — грузин тилидаги мустақил ёзув тизими. Сўнгги тадқиқотларга кўра, Грузин ёзуви шарқий оромий ёзуви асосида, тахм. мил. ав. 3-а. да юзага келган. Кейинчалик юнон ёзуви таъсирида ўзгаришларга учраган. Мас, ёзув йўналиши, алифбодаги тартиби ўзгарган, баъзи унлилар ҳам ўзлаштирилган.
Грузин ёзувининг ривожланиш жараёнида бирбиридан кескин фарқланадиган 3 шақли пайдо бўлган:
1) сарлавҳаларда учрайдиган (мтаврули) шақли;
2) сатрий ёзув (нусхуру) ва
3) аслзодалар ёзуви. Учинчиси аввалги икки туридан кескин фарқ қилган (хуцури). Бу ёзув асосан черковларда, шунингдек, ҳарбий соҳада, аслзодаларнинг ёзишмаларида қўлланган. Янги Грузин ёзуви китоб нашри бошланиши туфайли юзага келган (1709). Ҳоз. Грузин ёзуви қатъий фонологик тартибга асосланган (ҳар бир фонема маълум графемага тўғри келади), 33 белгига — 5 унли, 28 ундошга эга. Босма матнларда, одатда, бош ҳарф бўлмайди.