ГРОДНО

ГРОДНО — Белоруссиядаги шаҳар, Гродно вилоятининг маркази. Неман дарёси соҳилида. Дарё пристани. Т. й. тугуни. Ахолиси 307 минг (1998). Кимё («Химволокно», «Азот» и. ч. бирлашмалари), машинасозлик ва металлсозлик, енгил (тўқимачилик ва кўн пойабзал) саноати ривожланган. Мебель ф-каси бор, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. 3 олий ўқув юрти (шу жумладан ун-т), 2 театр, тарих-археология музей-қўриқхонаси бор. Г. 1128 й. дан маълум. 1376 й. дан Литва ва Польшада, Ј 1795 й. дан Россия империяси, 1920 — 39 й. ларда Польша таркибида. Борисоглебск черкови (12-а.), Кўҳна қаср (16-а. охири), Янги қаср (18-а. ўрталари), иеузит костёли (17 — 18-а. лар) сақланган.