ГРЕЦИЯ ИНҚИЛОБИ (1821-29) (Грециянинг мустақиллик уруши) — халқ инқилоби; Греция усмонлилар истибдодидан халос бўлиб мустақилликка эришган. Асосан «Филики Этерия» («Аҳил жамият») умуммиллий яширин ташкилоти аъзолари томонидан пухта тайёрланган. 1821 й. март (25 март Греция мустақиллиги куни)даги қўзғолон б-н бошланган. 1822 й. 12янв. да Миллий мажлис Грециянинг мустақиллигини эълон қилди ва биринчи грек конституцияси — Эпидавр органик статусини қабул қилди (1822). 1822 й. ёзида Морея (Пелопоннес я. о.) га бостириб кирган 30 минг кишили турк армияси тор-мор қилинган. Турли табақа вакилларидан ташкил топган инқилобий кучлар орасида зиддиятнинг кучайиши фуқаролар урушини келтириб чиқарган (1823-24 ва 1824-25). 1827 й. Миллий мажлис И. Каподистрияни Греция президенти қилиб сайлаган. 1827 й. окт. даги Наварин жангида Усмонли турк империяси флоти яксон қилинган. Адрианополь сулҳ шартномаси (1829)га кўра Туркия Греция мухториятини тан олган (1830 й. дан Греция мустақил давлат). Г. и. да хорижий кўнгиллилар ҳам қатнашган.