ГРАНОДИОРИТ

ГРАНОДИОРИТ — интрузив нордон тоғ жинси. Минерал таркиби кварцли диорит билан нормал гранитлар оралиғида. Гранодиорит таркибида кварц, калийли дала шпати, плагиоклаз ва рангли минераллар бўлади. Гранодиоритда гранит таркибидаги ҳамма акцессор минераллар учрайди, аммо титанит кўпроқ. Зичлиги 2700 — 2900 кг/м3. Структураси тўла кристалланган ва порфирсимон. Текстураси массив. Порфирсимон Г. Курама, Нурота, Бўкантов, Қулжуқтов, Овминзатов, Томди тоғларида бор. Қурилишда, қоплама безак сифатида кенг ишлатилади. Тошкентда Мустақиллик майдонидаги фаввора атрофи, ер ости йўлларини қуришда Гранодиоритдан фойдаланилган.