ГРАДИЕНТ

ГРАДИЕНТ (лот. gradiens — одимловчи) — 1) физик катталик (босим, т-ра, намлик ва б.)нинг фазода ёки бирор ўқ йўналишида масофа бўйича ўзгариш ўлчови. Мас, босим Г. и босимнинг масофа бўйича ўзгариш тезлигини ифодалайди, потенциал энергия Г. и таъсир этувчи кучга, электр потенциал Г. и электр майдон кучланганлигига тенг ва ҳ. к. ;

2) математикада фазодаги бир нуқтадан иккинчи нуқтагача бўлган масофада қиймати ўзгарадиган катталикнинг энг тез ўзгарадиган йуналишини кўрсатадиган вектор.

3) биология да организм ёки органларнинг тузилиши ва улар физиологик хоссаларининг маълум ўқ бўйича ўзгариши миқдори. Градиент ўрганилаётган хосса (мас, қон босими, т-ра)нинг кўрилаётган жойдан узоклашган сари аста-секин камайиб (сусайиб) боришини, мас, ҳайвон танасининг турли жойларида ва ўсимликларнинг турли қисмларида қон босими, т-ра, нафас олиш тезлиги ва б. хоссаларининг бир хил бўлмаслигини ифодалайди.