ГОНИТ (юн. gony — тизза) — тизза бўғимининг серозли, сероз-йирингли ёки йирингли яллиғланиши. Йиринглатувчи кокклар, сил, сўзак микроблари ва б. сабаб бўлади. Гонитда тизза қизаради, синовиал парда шишиб, бўғим бўшлиғида олдин сероз-фибриноз, кейин йирингли суюқлик йиғилади. Ўткир ва сурункали хили бор. Ўткир Гонитда яллигланиш белгилари тез намоён бўлиб, яққол кўринади. Бўғим қаттиқ оғрийди, катталашади, бемор оёғини қимирлата олмай қолади. Сурункали Гонитда бўғим шишиб, функцияси бузилади, бир оз қизаради, қизийди ва сал-пал оғрийди.
Гонитнинг дастлабки аломатлари сезилганда дарҳол врачга мурожаат этиш ва унинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш лозим.