ГОЛЬФ (инг. golf) — спорт тури. Тўп ва чавгонлар билан очиқ майдонда ўйналади. Бунда 50 мингдан 200 минг м2 гача саҳнга эга бўлган паст-баландлиги ўртача табиий майдон (қир-адир, истирохат боғи, ўрмон чеккаси) керак, унда табиий ҳолатида қолдирилган 9 ёки 18 та йўлак-трасса белгиланади; ҳар қайси йўлакнинг уз. 150 дан 470 м гача, кенглиги 30—40 м. Биринчи йўлак бошланишида тахм. 4 м2 катталикдаги майдонча тайёрланади, ҳар бир йўлакнинг охирида ўртасида ўйиқ-чуқурча (чуқурлиги 11 см ва диаметри 10 см)ли тахм. 20 м2 келадиган майдонча бўлади. Ўйинчилар жой рельефи ва тўпни йўналтириш керак бўлган масофа қандайлигига қараб катталиги, йўғонлиги, учининг шакли бирмунча фарқланадиган, уз. 85—110 см чавгон (клэб)лардан фойдаланадилар. Ўйиннинг мақсади тўпни (вазни 44 г қуйма резинали копток) чавгон билан уриб барча йўлаклардаги чуқурчаларнинг ҳар бирига олиб бориб тушириш. Бу ишни камроқ зарб билан амалга оширган ўйинчи ёки жамоа ғалаба қилади. Гольф ўйини ўрта асрда Данияда пайдо бўлган. АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Австралияда тарқалган. 1900 ва 1904 й. да Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган эди. Гольфни асосан ўрта ва катта ёшдагилар ўйнайди.
Г. Ўзбекистонда ҳам оммавийлаша бошлади. Бунда 1998 й. да қуриб битказилган Тошкент Г. клуби катта аҳамият касб этди. Бу клуб Ўрта Осиё минтақасида биринчи бўлиб халқаро Гольф мусобақаларини ўтказиш имконини яратди. 2001 й. 20 майда Тошкент Гольф клубида Гольф бўйича Ўзбекистоннинг биринчи очиқ чемпионати ўтказилди. Унда Ўзбекистон, АҚШ, Германия, Жан. Корея, Малайзия, Англия, Шотландия, Канада, ЖАР ва б. мамлакатлардан 100 га яқин спортчи қатнашди.