ГОЛЬДБАХ МУАММОСИ (сонлар назариясида) — бешдан катта ҳар қандай бутун сонни учта туб сон йиғиндиси тарзида ифодалаш мумкинлиги ҳақидаги муаммо. Бу масалани немис математиги X. Гольдбах илгари сурган эди. Л. Эйлер эса тўртдан катта ҳар қандай жуфт сонни икки туб сон йиғиндиси тарзида ифодалаш мумкинлигини исботлаш кифоя, деган фикрни айтган эди. Лекин 19-а. мобайнида ҳам бу масала ҳал қилинмаган эди. Шунинг учун у «Гольдбах муаммоси» номи билан атала бошлади. 1937 й. да акад. И. М Виноградов хар кандай катта тоқ сон учун Гольдбах муаммосини ҳал этди.