ГОВЗАБОН

ГОВЗАБОН, ҳўкиз тили (Anchusa italica Retz.) — кампирчопондошлар оиласига мансуб кўп йиллик бегона ўт. Пояси сершох, тиканли, тик усади, бўйи 40—100 см. Барглари қалин туксимон тиканлар билан қопланган; илдиз ёнидаги барглари йирик, чўзиқ-эллипссимон, поядагилари — бандсиз, наштарсимон. Гуллари ҳаворанг, йирик рўваксимон тўпгулга йиғилган. Меваси — уч қиррали ёнғоқча. Ўқ илдизи йўғон, сершох. Май—авг. да гуллайди ва мева тугади. Уруғидан кўпаяди. Қурғоқчиликка чидамли. Ўрта Осиёда тарқалган. Ғўза, беда, ғалла экинлари орасида, шунингдек, йўл ёқалари ташландиқ ерлар, боғлар ва ариқ бўйларида ўсади. Кураш чоралари: экинларни ўтоқ қилиш; ғалла экинлари майдонларини ўримдан кейин 6—8 см чуқурликда юмшатиш; шудгор қилиш; гербицидлар пуркаш.