ГОАЦИН

ГОАЦИН (Opisthocomus hoazin) — каккусимонлар оиласининг тури, баъзан товуқсимонлар туркуми гоацинлар кенжа туркумига киритилади. Уз. 60 см га яқин, бошида узун кокили бор. Тумшуғи йўғон, илмоқли. Жуда йирик жиғилдони бўлгани туфайли тўш суяги ва тўш мускулларининг кўп қисми қисқариб кетган. Жиғилдони озиқ билан тўлганида Гоацин танасининг оғирлик маркази олдинга тушади. Шунинг учун Гоацин кўкраги (махсус қадоғи) га таяниб ва қанотлари билан шохларни ушлаб дарахтда ўрмалаб юради. Яхши учолмайди, асосан дарахтда яшайди. Жан. Американинг шим.-шарқий қисмидаги йирик дарёлар ва улар ирмоқлари водийларининг сув босган ўрмонларида Tapqалган. 40 га яқин қушлардан иборат гала бўлиб яшайди. Кўпайиш даврида сув устидаги дарахтларнинг шохига бир неча куш битта умумий уя қуради. Уяга 2—4 тухум қўяди. Тухумини бир неча модаси навбат билан босади. Тухумдан чиққан жўжаси оёқ ва тумшуқлари ҳамда қанотларидаги биринчи ва иккинчи бармокларининг узун тирноқлари ёрдамида дарахтларда ўрмалаб юради. Жўжаси яхши сузади ва шўнғийди, лекин бу хусусиятини кейинчалик йўқотади. Гоацин мева, дон ва барглар билан озиқланади. Гўшти ейилмайди.