ГНУС

ГНУС (рус — чақадиган ҳашаротлар) — қон сўрувчи икки қанотли ҳашаротларнинг умумий номи; чивинлар, захкаш чивинлар, искабтопарлар, букри пашшалар, қашқа пашшалар, сўналар киради. Гнуснинг яшаш шароитига қараб турларинингтаркиби ўзгариб туради. Ер шарининг тоғ чўққилари ва Арктикадан ташқари ҳамма жойида тарқалган. Гнус ботқокликлар, ҳайвон чиқиндилари, кемирувчилар ини ва б. зах жойларга тухум қўяди. Одам ва ҳайвонларга турли юқумли касалликлар (безгак, тери яраси, япон энцефалита, туляеремия, куйдирги, онхоцеркоз)ни юқтиради. Гнус қон сўрганида одам ва ҳайвонларга тинчлик бермайди, ҳайвонларнинг маҳсулдорлиги камаяди. Сақланиш чоралари: Г. тарқалган жойларда юз ва тананинг очиқ жойларига ниқоб тутиб олинади, баданга ди. метилфтолат, репудин, диэтил-толуамид каби репеллентлар сурилади.