ГЛЯЦИОЛОГИЯ (лот. glacies — муз ва…логия) — Ер юзасидаги барча муз шакллари (музликлар, қор қоплами ва б.), ер ости музлари, уларнинг тузилиши, таркиби, физик хусусиятлари, келиб чиқиши ва ривожланиши, геол. ва геоморфологик фаолияти, географик тарқалиши ҳақидаги фан. Умумий музшуносликнинг синоними. Гляциология гляциосфера ва ер юзаси, атмосфера, гидросфера ва литосферадаги табиий муз ва музликлар, уларнинг жойлашиши, режими ва ривожланиш динамикаси, атроф муҳит билан ўзаро алоқаси, музнинг Ер эволюциясидаги аҳамиятини ўрганади.
Гляциология сув оқими, муз захираси, музликларнинг иқлимга таъсири, геологик иши ва б. табиий хусусиятларини ўрганишда табиий геогр. нинг гидрология, геоморфология, иқлимшунослик ва геодезия каби тармоқлари методларидан фойдаланади. Гляциологиянинг ўтмиш даврлар музликларини ўрганадиган бўлими палеогля циология деб аталади.
Музликлар ҳақидаги дастлабки ёзма маълумот француз табиатшуноси Мюнстер Себастьян қаламига мансуб (1544).
Гляциология 18—19-а. ларда гидрология ва геол. фанлари негизида шакллана бошлади. Бунда швейцариялик табиатшунос Орас Соссюрнинг (1740—99) «Альп тоғларига саёҳат» (1779—96) асари муҳим ўрин тутди. 19-а. охири — 20-а. ўрталарига келиб қаттиқ ва суюқ ҳолатдаги сувни ўрганиш усуллари ва улар билан боғлиқ бўлган муаммолар турлича эканлиги аниқ бўлиб қолди. Бу даврда қутб музликлари, уларга хос бўлган қонуниятлар ўрганилди, муз табиатига ва музликлардаги физик ҳодисалар моҳиятига чуқур кириб борилди, материк ва тоғ музликларининг нисбатини солиштириш имконияти яратилди ва Гляциология география, гидрология, геол. ва геофизика фанлари соҳаларининг туташган жойида юзага келган мустақил фанга айланди. Ўрта Осиё музликларининг дастлабки каталогини 1930 й. Н. Л. Корженевский нашр қилган. Унда жами 1223 водий музлиги, жумладан Помирда 296 та, Ҳисор-Олайда 199 та музлик қайд қилинган. Музликларнинг сўнгги кўп жилдли каталоги 1965—82 й. ларда собиқ Иттифоқ ФАнинг География ин-ти, Ўрта Осиё гидрометеорология и. т. института (ЎОГМИТИ) ва «Гидрометхизмат»нинг бошка ин-т ва муассасалари томонидан яратилди. Ўрта Осиё тоғларидаги музликларга тегишли маълумотлар 14-жилдда жамланган. Ушбу каталог Жаҳон қормузлик ресурслари атласини тузишда асос бўлган. Гляциология физика, мат., геофизика, геокимё, геодезия, харитаграфия, геогр., геология ва б. фанлар усулларидан фойдаланади. Кейинги йилларда гляциологик тадқикртларнинг янги усуллари (термик бурғилаш, фотограмметрия, аэрофотосъёмка ва б.) пайдо бўлди. Гляциология ўрганадиган объектларига боғлиқ ҳолда музликшунослик, қоршунослик, қор кўчкилари илми, сув ҳавзалари музшунослиги, палеогляциология каби соҳаларга бўлинади. Иккинчи томондан, Гляциологияда ўзига яқин бўлган фанлар билан алоқаси ва қўлланиладиган усулларининг турличалиги асосида гляциоиқлимшунослик, гляциогидрология, структуравий Гляциология, динамик Г., геокимёвий Гляциология каби йўналишлар фаркланади. Гляциологиянинг амалий аҳамияти жадал суратларда ўсмоқда, натижада ўзига хос янги йўналиш — муҳандислик Гляциологияси тўла шаклланди. Гляциология доимий музлоқ ерларни ўрганадиган геокриология билан қўшилиб, криосферани ўрганадиган Ер криологиясини ташкил этади. Ҳоз. замон Г. си атроф муҳит муҳофазаси ҳамда табиат ва жамиятнинг ўзаро алоқаси муаммолари билан чамбарчас боғлиқ. Гляциология соҳасидаги тадқиқотлар дунёнинг кўпгина мамлакатлари (Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Дания, Канада, Норвегия, Россия, Франция, Швеция, Швейцария, Япония ва б.) да кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Бунда Халқаро геофизика йиллари (1882 — 83, 1932—33 ва 1957—58), Халқаро геофизика ҳамкорлик йили (1959) ва Халқаро гидрологик ўн йиллик (1966 —75)ларнинг аҳамияти катта бўлди. Ўша йилларда Ер куррасидаги барча музликлар ҳолати кузатиб турилди. Айрим давлатлар ва жаҳон миқёсида фаолият кўрсатадиган Халқаро гляциология уюшмалари, жамиятлари мавжуд. 1907 й. дан Англиянинг Кембриж шахрида Халқаро миқёсда «Гляциология журнали» чоп этилади. Гляциологик тадқиқотлар Ўзбекистонда ЎОГМИТИнинг Гляциология бўлимида, Ўзбекистон ФА Геол. ва геофизика ин-тининг Гляциология лабораториясида амалга оширилади. 1967 й. Абрамов музлигида ЎОГМИТИнинг гляциологик тадқиқотлар ўтказувчи махсус ст-яси ташкил этилди. «Ўрта Осиёда гляциологик тадқиқотлар» мавзуида доимий равишда илмий тўпламлар чоп этилади. Гляциология фани ривожига Н. Л. Корженевский, О. П. Шчеглова, В. Ф. Суслов, А. А. Акбаров, Г. Е. Глазирин, Б. А. Камолов, Л. А. Канаев, В. Г. Коновалов, А. С. Шчетинников ва б. олимлар салмоқли ҳисса қўшдилар.
Ад.: Голубев Гляциология, Гидрология ледников, Л., 1976; Инженерная гляциология, М., 1971.