ГЛЮК (Gluck) Христоф Виллибальд (1714.2.7, Эрасбах, Бавария — 1787.15.11, Вена) — австрия композитори, мусиқий классицизмнинг йирик вакили. 1752 й. дан асосан Венада яшаб, сарой операсида дирижёр ва композитор бўлган. Вена классик мактабининг илк опера ислоҳотчиси сифатида «Орфей ва Эвридика» (1762), «Альцеста» (1767), «Ифигения Тавридада» (1779) каби 100 дан ортиқ операларини яратди. Буларнинг энг етуклари ғоявий ва бадиий мазмундор, ифодавий воситалари хилма-хил бўлиб, қаҳрамонларнинг кучли ҳис-туйғулари, матонатли хулқий фазилатлари билан ажралиб туради. Глюк ария, ансамбль ва балет лавҳаларини изчил мусиқа ривожига бўйсундирди, уларни йирик саҳналарга бирлаштириб, операнинг мусиқийдраматик кескинлигини кучайтирди, сарой спектаклларига хос дабдабали юзаки томошаларга барҳам берди. Глюк француз ҳажвий опера жанрида ҳам ижод қилган. «Сохта чўри» (1758), «Алданган қози» (1761), «Ногаҳон учрашув ёки «Макка ҳожилари» (1764) ва б. асарларида Шарқ мавзуларини экзотик тарзда акс эттирган.
Ад.: Левик Б. В., Чет эл мусиқаси тарихи (махсус муҳаррир Т. Ғафурбеков), Т., 1984.