ГЛАДИОЛУС (Gladiolus L.) — савсаргулдошлар (савсаргуллилар оиласи)га мансуб туганак пиёзли кўп йиллик, манзарали ўсимлик. 200 га яқин тури бор. Ўрта Осиёда 3 тури ўстирилади. Экма Гладиолуснинг 8 мингга яқин нави бор. Пояси тик, деярли шохламайди, бўйи 40—200 см. Барги қиличсимон, пояда икки қатор бўлиб жойлашади. Гули карнай шаклида, сал қўш лабли ва букилган найсимон, 20 см келади. Гуллари поя учида бир қатор, баъзан икки қатор ўрнашади (гул поясидаги гулларнинг сони 25 тагача бўлади). Март—апр. да экилади, июндан авг. гача (янв. —фев. да тувакларга ўтқазилгани апр,—майда) очилади. Эртагиси 80, кечкиси 90 кунда очилади. Гладиолус экиладиган ер кузда 35 — 40 см чуқурликда ҳайдалиб, гектарига 80—100 т гўнг ёки компост, 250 — 300 кг фосфорли, 120 — 150 кг калийли ўғит, баҳорда экиш вактида 250 — 300 кг азотли ўғит солинади. Кузда туганакпиёзи пўстидан тозаланиб, совуқ сувда ювиб қуритилади, сўнгра ертўлада 4—5° ҳароратда сақланади. Ўзбекистонда Гладиолуснинг канада (Kanadu), минерва (Minera), монсоер (Monsouer), пикарди (Picardi) навлари ўстирилади.