ГИРКАНИЯ

ГИРКАНИЯ (Авестода — Вракана, ўрта асрлардаги номи — Журжон) — қад. тарихий-маданий вилоят. Каспий денгизининг жан.-шарқий соҳилида, Эроннинг шим. да, Туркманистоннинг жан.-ғарбий қисмидажойлашган. Гиркания атамаси эронийча wrk — бўридан олинган бўлиши эҳтимол. Пойтахти — Гекатомпил ш. Юнонрим ёзма манбаларида Александр юришларидан эътиборан бир неча бор қайд этилиб, ёввойи ҳайвонлар тўлиб тошган мамлакат сифатида тавсифланади. Аммиан Марцеллин (4-а.)га кўра, «Китъа ичкарисида… Гирканлар яшайди. Улар овчилик билан тирикчилик қилишади, ов қилинадиган жонзодлар уларда жуда турли-тумандир. Бу ерда минглаб йўлбарс ва кўплаб ёввойи ҳайвонлар бор». Мил. ав. 235 й. Парфия давлати таркибига кирган, лекин мил. 1—2-а. ларда катта мухториятга эга бўлиб, мустақил сиёсат юргизган ва ўз элчиларини Римга жўнатган. Бу ерда аршакийларнннг бир тармоғига мансуб сулола вакиллари ҳукмронлик қилган.

15 Senyabr 2008, 12:04:57