ГИНЕЦЕЙ

ГИНЕЦЕЙ (юн. gyne — аёл, oikion — уй, бошпана) — гулнинг репродуктив қисми, ҳамма мевабаргчалар йиғиндиси. Бир-бири билан қўшилмаган, эркин жойлашган, ҳар бири алоҳида уруғчи ҳосил қиладиган мевабаргчалардан иборат Гинецей апокарп Гинецей деб аталади. Апокарпли Гинецей энг содда бўлиб, магнолия, пион ва айиқтовонлар учун хос. Баъзан Гинецей битта мевабаргча (уруғчи)дан иборат (мас, бурчоқдошларда). Эволюция давомида мевабаргчалар қўшилиб кетиб, 3 хил типдаги ценокарп Гинецей ҳосил бўлади. Ён томонлари билан ўзаро қўшилиб ўсган ёпиқ мевабаргчалар (уларнинг уруғ куртаги чоклари бўйлаб, яъни уячалар бурчагида жойлашган) синкарп Гинецей ҳосил қилади (лола). Синкарп Гинецейдан айрим мевабаргчаларнинг ажралиб чиқиши, бирок улар қирраларининг ажралиб кетмаслиги туфайли паракарп Гинецей ҳосил бўлади (бодринг, қовоқ, лолақизғалдоқ). Паракарп Гинецей бир уяли бўлиши ва уруғкуртаклари Гинецей деворида жойлашганлиги билан синкарп Г. дан фарқ қилади. Бошқа ҳолларда паракарп Г. бевосита апокарп Г. дан келиб чиққан. Синкарп Г. тугунчаси тўсиқларининг йўқолиб кетиши натижасида бир уяли лизикарп Г. вужудга келган. Ўзаро қўшилиб кетган бир неча мевабаргчалардан ҳосил бўлган Г. мураккаб уруғчи дейилади.