ГИЛАМЧИЛИК САНОАТИ

ГИЛАМЧИЛИК САНОАТИ — табиий (ҳайвон жуни, ўсимлик толаси) ва сунъий толадан турли хилдаги гиламлар ишлаб чиқарувчи саноат тармоғи. Гиламчилик бадиий ҳунармандлик соҳаси сифатида турли давлатларда ўзига хос шаклда ривожланиб келган (қ. Гиламчилик). Саноат тармоғи сифатида 20-а. да шаклланди. Бу даврга келиб гилам тўқийдиган махсус артеллар пайдо бўлди, уни қўлда тўқишдан аста-секин машинада тўқишга ўтила борди. Ўзбекистонда 1978 й. да Хива гилам тўқиш к-ти ташкил этилиши билан Гиламчилик саноати маҳаллий саноатнинг муҳим тармоғига айланди. Кейинчалик гилам тўқийдиган корхоналар сонининг ортиб бориши натижасида Гиламчилик саноати алоҳида саноат тармоғи сифатида ажралиб чиқди. Гилам тўқиш айниқса маҳаллий саноатдаги энг ривожланган тармоқдардан бири ҳисобланади. Бухоро, Шаҳрисабз, Ургут, Нурота, Булунғур ва б. шаҳарлардаги корхоналарда қўлда тўқилган гилам ва палосларда маҳаллий услуб ва бадиий усуллар сақланиб келмоқда. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланиб бориши б-н Г. с. корхоналарига чет мамлакатлар (Англия, Польша, Туркия, Германия ва б.) йирик фирмаларининг замонавий технологиялари ва асбоб-ускуналари келтириб ўрнатилди, шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этилди (мас, «Хива гилами» акциядорлик жамияти). Бу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортга чиқарилмоқда.